Ҳурматли муҳокама иштирокчилари!
"Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси муҳокамаси бўйича таклифларни қабул қилиш муддати жорий йилнинг 28 январь куни соат 18-00да якунланди.

2.2. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш

Т/р69
Амалга ошириладиган тадбир“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
Мазкур Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:
аҳолининг, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш
ва кўриб чиқишнинг интерактив усулларини кенгайтириш;
мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларини нашр этиб бориш;
такрорий мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш, шунингдек фуқароларни сайёр қабул қилиш хусусиятлари;
видеоконференцалоқа ёрдамида фуқароларни масофавий қабул қилишни ташкил этиш;
“халқ қабулхонаси” институтининг умумий қоидаларини белгилаш;
“ишонч телефонлари” орқали мурожаатни қабул қилиш, кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари.    
Бажариш муддати2017 йил
I чорак
Ижро учун масъулларОлий Мажлис палаталари
(келишилган холда),
Адлия вазирлиги,
Бош прокуратура,
ИИВ, Ахборот технологиялари
вазирлиги
Сарф-харажатлар (млн. сўм)-
Молиялаштириш манбалари-
Тақдим этиладиган ҳужжат шакли, амалга ошириш механизми, кутилаётган натижаЎзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.
Лойиҳа билан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиради, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали механизмлари ва усуллари жорий этилади.

Изоҳлар ва уларга берилган жавоблар

Mamasharipov Mannap Gapurovich21.01.2017 11:17
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича таклифлар. Янги таклиф этилаётган таҳрир: 6-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар Электрон мурожаат электрон рақамли имзо ёки идентификациялашнинг ягона ахборот тизими билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак. Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) ёки идентификациялашнинг ягона ахборот тизими билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади. АСОС: Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги 365-сон қарори 19-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига беш кунлик муддатда хабар қилинади, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан. Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда хабар қилинади, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан. Электрон шаклдаги мурожаатни кўриб чиқиш муддати масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган биринчи иш кунидан бошланади. АСОС: Амалиётда давлат органлари ва мурожаатчилар орасида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бўйича тушунмовчиликлар юзага келаётгани сабабли ушбу моддага янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” Қонуни 24-моддасига (Норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунига қўйиладиган талаблар - Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади) биноан ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш (ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан) мақсадида мурожаатчини уни хабардор қилиш механизмини фақат ёзма шаклда эмас балки қўшимча мавжуд воситалар билан хабардор қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. 23-модда. Мурожаатни кўриб чиққан давлат органининг мажбуриятлари Мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади, бунда давлат тилида юборилган мурожаатга давлат тилида жавоб берилиши шарт, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак. АСОС: (амалдаги Қонундаги нормаларга кўра агар мурожаатчи давлат тилида мурожаат қилса унга (нормада "имкон қадар мурожаат этилган тилда" дейилган) бошқа тилда ҳам жавоб берилиши мумкин. Мурожаатчи эса ўша бошқа тилни билмасачи?) демак асос: Амалиётда давлат органлари ва мурожаатчилар орасида мурожаатларни кўриб чиқишда тушунмовчиликлар юзага келаётгани сабабли ушбу моддага янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” Қонуни 24-моддасига (Норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунига қўйиладиган талаблар - Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади) биноан ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ.
Қабул қилинди27.01.2017 18:30

1-3 таклифлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритиш жараёнида кўриб чиқилади.

Шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига кўра ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён матнда мурожаатлар деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

“Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.

Шу муносабат билан тўртинчи таклифдаги масалалар тегишли қонун ҳужжатларида тартибга солинганлиги маълум қилинади.

Яъни заруриятга қараб мурожаат этувчиларга жавоб хатлари таржима қилиб берилиши мумкин.

Rizokulov Sarvar Axatkulovich24.01.2017 18:34
Дастурнинг 69 бандини, хусусан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидагиларни инобатга олиш таклиф этилади: - фуқаролар томонидан таклиф этиладиган ташаббуслар (ғоялар, лойихалар)ни муҳокама қилиш, бошқаларни фикрларини билиш мақсадида, “Фуқаролар ташаббуслари веб-портали”ни жорий этиш (веб-сайт для петиций); - Қонун лойиҳасида электрон порталлар орқали йўлланган мурожаатларни электрон рақамли имзосиз кўриб чиқиш учун қабул қилиш масаласини назарда тутиш.
Рад этилди27.01.2017 18:34

Тақдим этган таклифларингиз Стратегия талабларига ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ эмас.

Bahodirov Bobur Bahodir o`gli25.01.2017 15:12
Кўп ҳолларда электрон мурожаатларни юбориш учун қўшимча маълумотлар талаб этилади, телефон рақам, электрон почта манзили, ИНН ва бошқалар. Мазкур ҳолатни қонунга мувофиқлаштириш мақсадида электрон мурожаат қилиш имконини берувчи ахборот тизимлар томонидан қўйилган талабларни имкон қадар умумий кўринишда 6-моддага киритиш лозим. 6-модда 3 қисми янги таҳрирда. Электрон мурожаатлар ушбу модданинг 1 ва 2 қисмларида ўрнатилган талабларга қўшимча тарзда ахборот тизимларида белгиланган талабларни қоноатлантириши лозим (телефон рақам, ИНН, ПИН ва бошқалар).
Рад этилди27.01.2017 18:37

Таклиф этаётган масалангиз қонунчилик талабларига ўзгартириш киритишни талаб этадиган масала эмас.

Bahodirov Bobur Bahodir o`gli25.01.2017 17:16
14-модда 3-қисми *илтимосига кўра иборасини *розилигисиз сўзлари билан алмаштириш лозим.
Рад этилди27.01.2017 18:41

Таклиф этаётган масалангиз қайси қонун ҳужжати бўйича киритилаётганлиги ёки аниқ ёритилган бўлиши лозим.

Qurbanov Jumanazar Omonovich26.01.2017 17:40
"Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳозирги кунда фақат давлат органларига тадбиқ этилган. Ушбу қонун нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ёки тадбиркорлик субъектларига тадбиқ этилмаган. Яъни Жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан нодавлат ва нотижорат ташкилотларига ёки бошқа ташкилотларга мурожаат қилганда қонунда белгиланган муддат жавоб берилмаган тақдирдаям уларни жавобгарликка тортиб бўлмайди. Шунинг учун ушбу қонунга фақат давлат органлари эмас балки белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган барча ташкилотларга тадбиқ этилса мақсадга мувофиқ.
Қабул қилинди27.01.2017 18:42

Таклифингиз кўриб чиқилади.

Safarov Temur Uktamovich26.01.2017 21:41
Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида “Ахборот маркази”ни ташкил этишни таклиф қиламан, бунинг натижасида фуқароларнинг мурожаатлари мувофиқлашитирилади (ягона электрон марказ орқали фуқароларнинг мурожаатлари таълуқлиги бўйича масъул ижрочига етиб боради, шунигдек вақт ва ортиқча қоғозбозликка чек қўйилади); ижтимоий, иқтисодий, мехнат ва бошқа турдаги масалаларни ҳудудий давлат органлари томонидан самарали ва тезкор ҳал этилиши натижасида жойдаги давлат ҳокимияти органларининг мавқеи ошади; маҳалла фуқаролар йиғини электрон сайти очилиши натижасида, давлат ҳокимияти ва бошқа органлари ўртасидаги ташкилий ва иқтисодий масалаларни тартибга солади ва унинг шафофлигини таъминлайди; маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий ва коммуникатив яъни ахборот-технологияларидан фойдаланиш маъданиятини оширишга хизмат қилади, уларни интернет орақали экстремистик оқимларга кириб кетиш ҳолатлари олди олинади; маҳалла фуқаролар йиғини сайтини тузишда, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи ёшларни жалб этган ҳолда, маҳалланинг тарихи, салоҳияти, экологияси, бандликни таъминлаш, оилавий тадбиркорлик оид бўлган мавзулар билан бойитилади; Ўзбекистон Республикасида 10 мингга яқин маҳалла фуқаролар йиғинида бир штат бирлигида иш жойи “Ахборот маркази” ташкил этилиши натижасида, ёшлларимизнинг бир қисми иш билан таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, миллий қадриятларимизга тўла мос келувчи тизимни ташкил қилишимиз мумкин. Бежиз "Маҳалла демократия мактаби" - деб айтишмайди.
Рад этилди27.01.2017 18:52

Таклифингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Қайд этган масалангиз жорий этилаётган "Халқ қабулхона"лари институти ваколатларига кириши маълум қилинади.

Safarov Temur Uktamovich26.01.2017 21:43
Ёки уларни "Мулоқот маркази" , деб номлаш ҳам мумкин.
Рад этилди27.01.2017 18:52

Таклифингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Қайд этган масалангиз жорий этилаётган "Халқ қабулхона"лари институти ваколатларига кириши маълум қилинади.

Abduqahhorov Aziz To'lqinovich28.01.2017 09:44

Мурожаатлар қонуни тадбиркорлик субъектларига жорий қилманглар. Тадбиркорлик субъектлари пуллик хизмат кўрсатади. Улар мурожаатга жавоб бермаса рақобат натижасида синишади. Шунинг учун улар мурожаатни кўриб чиқиш талабларни жорий қилиш шарт эмас. Давлат органлари эса бюджетдан таъминланади ва рақобатда иштирок этмайди. шунинг учун мурожаатга жавоб бермаслик уларга таъсир этмайди. шунинг учун мурожаат қонунчилиги қабул қилинган.

Рад этилди05.02.2017 10:48

Бу масала Дастурда назарда тутилмаган.

Abduqahhorov Aziz To'lqinovich28.01.2017 09:48

ишонч телефони мурожаатлар қонунчилигидан ташқарига чиқариш керак. ишонч телефони мурожаатларни қабул қилиш воситаси сифатида эмас, балки корупцияга қарши кураш воситаси сифатида қаралиши лозим. ишонч телефони бўйича мурожаатга жавоб бермаганлик учун жавобгарлик белгиланса унда мурожаат этувчи ўзини шахсини очиши керак бўлади. бу эса уни тақиб қилинишидан қўрқиб шахсни этмасликка ёки корупция ҳолатларини хабар бермаслика ундайди. бу ҳолатда "ишонч телефони" сўзидаги "ишонч" сўзи олиб ташланиши керак бўлади.

Қабул қилинди05.02.2017 10:51

Таклиф Дастурни амалга ошириш жараёнида кўриб чиқилади.

Abduqahhorov Aziz To'lqinovich28.01.2017 09:49

Мурожаатлар бу жамоат назоратининг бир элементи сифатида қаралиши лозим

Маълумот учун28.01.2017 15:02

Эътиборингиз учун рахмат.

Abduqahhorov Aziz To'lqinovich28.01.2017 10:58

Нима учун бу матнда "аҳолини ва тадбиркорлик субъектини" атамаси ишлатилмоқда? Нима учун "жисмоний ва юридик шахслар" мурожаати атмаси ишлатилмаяпди? "аҳолини ва тадбиркорлик субъектини" атамаси олиб ташлашни ва фақат мурожаатлар деган сўзни қолдиришни таклиф этаман.

Қабул қилинди05.02.2017 10:49

Таклиф кўриб чиқилади.

Abduqahhorov Aziz To'lqinovich28.01.2017 11:01

"нашр этиб бориш" сўзи ўрнига "ошкор этиб бориш" сўзини киритишни таклиф этаман. интернет сахифасига жойлаштирилиши нашр сўзи билан қамраб олинмайди

Рад этилди28.01.2017 14:59

Таклифингиз асослантирилмаган.

Abduqahhorov Aziz To'lqinovich28.01.2017 11:04

"видеоконференцалоқа ёрдамида фуқароларни масофавий қабул қилишни ташкил этиш" гапида "фуқароларни" сўзини чиқариб ташлашни таклиф этаман. чунки бу атамани ишлатилиши юридик шахсларни ёки унинг вакилларини четда қолдиради

Рад этилди28.01.2017 14:59

Таклифингиз асослантирилмаган.