2.1. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш
Т/р | 62 |
---|---|
Амалга ошириладиган тадбир | Судьяларнинг алоҳида мақомини инобатга олган ҳолда, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш нормалари ва пенсия таъминоти механизмини белгилаш, шу жумладан судлар фаолиятини фақат бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини, ҳар йили республика бюджетида қонунчилик ва ижро ҳокимияти органларидан ажратилган ҳолда алоҳида қаторда белгилаш тизимини жорий этиш. |
Бажариш муддати | 2017 йил II чорак |
Ижро учун масъуллар | Олий суд, Олий хўжалик суди, Конституциявий суд, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги |
Сарф-харажатлар (млн. сўм) | - |
Молиялаштириш манбалари | - |
Тақдим этиладиган ҳужжат шакли, амалга ошириш механизми, кутилаётган натижа | “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси. Ушбу чора судларнинг мустақиллигини таъминлашда муҳим омил бўлиб, уларнинг фаолиятига аралашмасликнинг қўшимча кафолатларини яратади. |
Комментарии и ответы
Дастурнинг 62-бандида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Қонун лойиҳаси билан судьяларнинг алоҳида мақомини инобатга олган ҳолда, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш нормалари ва пенсия таъминоти механизмини белгилаш, шу жумладан судлар фаолиятини фақат бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини, ҳар йили республика бюджетида қонунчилик ва ижро ҳокимияти органларидан ажратилган ҳолда алоҳида қаторда белгилаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Таклифда кўрсатиб ўтилган масалалар Дастурнинг 61 ва 62-бандларида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш жараёнида кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 84-моддасида “Судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб борадилар” деб мустаҳкамланган. Бироқ бугунги кунга қадар, судьяларнинг махсус кийими намунаси белгиланган тартибда тасдиқланмаган. Фикримизча, судьяларга махсус кийим масаласини ҳал этиш керак. Энг муҳими, судьяларни махсус кийими намунасини ишлаб чиқишда нафақат халқаро андозаларга балки миллий қадриятларимизни ҳам инобатга олган ҳолда тайёрлаш лозим. Шу билан бирга, судьяларнинг махсус кийими намунаси ва унинг ранги судлар ва судьяларнинг ихтисослашуви, тегишли суд инстанцияларини инобатга олган ҳолда тайёрланиши лозим. Юқорида қайд этилган, масала бир қатор хорижий мамлакатларда, масалан, АҚШ, Германияда, Франция, Англия ва бошқаларда мавжуд.
Таклифингиз муҳокама қилинаётган масалага тааллуқли эмас.
Суд ҳокимияти чинакам мустақиллигини таъминлаш учун аввало судьялар ва суд аппарати ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини янада самарали таъминлашнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасининг “Судьялар ва суд аппарати ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунини қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда нафақат судьяларни ижтимоий ҳимоя қилиш балки суд аппарати ходимларининг ҳам моддий ва ижтимоий муҳофаза этиш самарадорлигини ошириш зарурати мавжудлигини кўрсатса, бошқа томондан ушбу соҳадаги тартиб-таомиллар кўплаб қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқдаки, бизнингча, бундай масалаларни яхлит қонун билан тартибга солиниши лозимлигини кўрсатади. Мазкур қонун қабул қилинса, унда албатта, Конституциявий суд, умумий юрисдикция судлари, шунингдек хўжалик судлари судьялари ва мазкур суд аппаратти ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар яхлит бир қонунда ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишга хизмат қилади. Бундай қонун бир қатор хорижий мамлакатларда хусусан, Буюк Британияда “Судьяларнинг пенсияси тўғрисида”ги (Judicial Pensions Act), Германия “Федерация ва федерал ерларнинг мансабдор шахслари ва судьяларининг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларда ўз ифодасини топган. Шунингдек бу борада ШҲТга аъзо давлатларнинг суд қонунчилигида учрайди. Масалан, Россия Федерациясининг “Судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг давлат ҳимояси тўғрисида”ги, “Судьялар ва суд аппарати ходимларининг ижтимоий ҳимоясининг қўшимча кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Россия Федерациясининг судларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинган.
Таклифингиз Дастурни амалга ошириш жараёнида кўриб чиқилади.
Мамлакатимизда Судьяларнинг ижтимоий муҳофазасини изчил амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Судьяларни ижтимоий муҳофаза қилишни ва ушбу лавозимга номзодларни ўқитишнинг ташкилий асосларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2.08.2013) 216-сон қарорининг 1-банди “Олий суд, Олий хўжалик суди судьяларига ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббиёт-санитария бирлашмаси муассасаларида таъминланади” деб мустаҳкамаланган. Бизнингча, ушбу имтиёздан нафақат юқорида қайд этилган судлар судьяларига балки барча суд тизими судьяларига татбиқ этилиши лозим. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунининг “...судьялар бир хил мақомга эга” деган 60-моддаси 2-қисмига ҳамда “Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлади...” деб номланган 76-моддаси 1-қисмига мувофиқ келади.
Таклиф муҳокама қилинаётган масалага тааллуқли эмас.
Судьяларга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқи берилади. Бироқ бизнингча, судьяларга уларнинг юридик касб бўйича иш стажини инобатга олган ҳолда ҳар йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш ҳуқуқи берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан, 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган судьяларга ва суд аппарати ходимларига 5 календарь кун, 10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган судьяларга ва суд аппарати ходимларига 10 календарь кун, 15 йил ва ундан юқори иш стажига эга бўлган судьяларга ва суд аппарати ходимларига 15 календарь кун. Айни пайтда бунга ўхшаш тажриба Ўзбекистон Республикаси Прокуратура органларининг ходимларига нисбатан татбиқ этилади.
Юқорида қайд этилган таклиф бир қатор хорижий мамлакатлар ва ШҲТга аъзо мамлакаталар суд қонунчилигида ўз ифодасини топган.
Таклифингиз асослантирилмаган. Меҳнат таътили масаласида судьялик лавозимини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги фаолият билан солиштириш мақсадга мувофиқ эмас.
Судьялар ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш уларни ижтимоий ҳимоялаш чораларида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун судьянинг ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан алоҳида муҳофаза қилиниши ва республика бюджети ҳисобидан суғурта қилиниши шарт. Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатадики, суғурта шартномасини тузиш Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 76-моддасида назарда тутилган бўлиб, судьяларни ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан суғурта қилиш қоидалари ва унинг тартиб-таомиллари мустаҳкамланмаган. Бу борада судьяларнинг ижтимоий ҳимоялашни амалга оширишга доир махсус Низом ҳанузгача ишлаб чиқилмаган бўлиб, бу турдаги давлат мажбурий суғуртасини бир хилда амалга оширилишида тегишлича муаммоларни келтириб чиқармоқда. Назаримизча, келажакда биринчи босқич сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқиш лозим бўлса, навбатдаги босқич сифатида эса, бу масалалар алоҳида Қонун билан ҳуқуқий тартибга солинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Таклиф муҳокама қилинаётган масалага тааллуқли эмас.